Ҳар ойнинг иккинчи шанбасида туман кутубхонасига жам бўлиб, "Шоҳобод оқшомлари" мушоира кечасини ўтказиш эндиликда уюшма аъзоси, таниқли шоир ва таржимон Қадамбой Шодонов раҳбарлик қилаётган "Шовот ижод мактаби" ижодкорлар клуби аъзолари учун анъанага айланди.

Бугун 14-сентябрь куни ҳам соат ўн бўлиши билан кутубхонанинг иккинчи қаватида жойлашган ўқув залига бирин-кетин ижодкорлар тўплана бошладилар.

Уюшма аъзолари: Ортиқбой Манглибоев, Қадамбой Шодонов, Болтабой Бекматов, фаол ижодкорлардан Раҳимбой Отабоев, Аҳмаджон Сафоев, "Зомин" семинари иштирокчилари, ёш истеъдодли ижодкорлар: Умиджон Қўзиев, Ғуломжон Раҳимов, Дилмурод Тожибоевлар жам бўлгач, дийдорлашув ва салом-аликдан сўнг суҳбат мавзуси аста-секин янги ижод намуналари ҳақда давом қилди.

Мушоирани кекса авлод вакилларидан, устоз шоир ва адиб Ортиқбой Манглибоев бошлаб, ўзининг янги ёзаётган асаридан парчалар ўқиб берди. Шундан сўнг Қ. Шодонов, Б. Бекматов ва бошқа ижодкорлар ўзларининг янги ижод намуналаридан, бошқа тиллардан қилинган таржималардан ҳам ўқидилар. Муаллифлар ўзларининг ҳар бир ўқиган шеърлари ҳақида клуб аъзоларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам тингладилар.

Мушоира фақат шеърхонликдан иборат бўлиб қолмасин, деган маънода турли миллатга мансуб, машҳур шоирлар:рус шоири Евгений Евтушенко, болгар шоираси Катя Стоилова, ўзбек шоири Шавкат Раҳмон шеърлари ҳам ўқилиб, бу асарларнинг ўзига хос томонлари, образлилик, бадиий пафос, таржима техникаси ҳақида ҳам фикрлар алмашилди.
Бундай фикр алмашинувлари ижодкорнинг бадиий маҳорати ошишига замин яратиши мушоира давомида кўп бор таъкидлаб ўтилди.